Олмаотада поезд ичида ис газидан заҳарланиш ҳолати қайд этилди. Қозоғистоннинг Orda нашри маълумотига кўра, 52 киши, жумладан бир нечта болалар жабрланган.
Ҳодиса Олмаота-2 вокзалига келган поездда содир бўлиб, жабрланувчиларни кутиб олиш учун 13 та тез ёрдам бригадаси жалб этилган. Барча жабрланганлар шифохонага етказилган.
Олмаота жамоат саломатлиги бошқармасининг маълум қилишича,
- 10 нафар бола шифохонага ётқизилган;
- икки нафари реанимация бўлимига жойлаштирилган;
- қолганларга текширувдан сўнг уй шароитида амбулатор даволаниш тавсия этилган.
«Қозоғистон темир йўллари» компаниясига кўра, ҳодиса содир бўлган поезд хусусий ташувчига тегишли бўлиб, у суратга олиш жараёни учун киностудияга берилган. Бошқа тафсилотлар ҳозирча ошкор этилмаган.
Гувоҳлардан бири жабрланувчилар Жанубий Корея сериали суратга олиш жараёнида иштирок этганини маълум қилган. Кастингга келган одамлар «узоқ даштга» олиб борилгани айтилмоқда.
Транспорт полицияси департаменти маълумотига кўра, ҳолат юзасидан ЖКнинг 156-моддаси (Меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш) бўйича жиноят иши қўзғатилган. Тергов ишлари олиб борилмоқда.
