Япония илк бор ярим асрдан кейин пандаларсиз қолиши мумкин

Сўнгги ярим аср ичида илк бор Япония зоопаркларида катта пандалар бўлмаслиги мумкин. Бу ҳолат Токио ва Пекин ўртасидаги дипломатик муносабатлар кескинлашиши билан боғлиқ. Бу вазиятнинг асосий сабаби сифатида Япония Бош вазири Санаэ Такаичи томонидан Тайван ҳақида билдирилган фикрларга Хитойнинг қатъий реакцияси кўрсатилмоқда, деб хабар қилмоқда NEWS.ru.

Ҳозирда Токио шаҳридаги Уэно зоопаркида Хитойдан ижарага олинган икки панда — Сяо-Сяо ва Лей-Лей яшамоқда. Улар меҳмонлар орасида катта машҳурликка эга. Айрим манбаларга кўра, бу ҳайвонлар 2026 йил январь ойида Хитойга қайтарилиши режалаштирилмоқда, гарчи расмий ижара муддати фақат февраль ойида тугайди.

Япон томони хавотирда: агар дипломатик муносабатлар совуса, Пекин янги пандаларни ижарага беришдан воз кечиши мумкин. Бундай фикрлар аллақачон Хитой оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда билдирилган, уларда япон бош вазирининг сўзлари кескин танқид қилинган.

Дипломатик алоқалар ва музокараларга қарамай, Токио ва Пекин ўртасидаги кенг кўламли қарама-қаршилик Тайвандаги эҳтимолий ҳарбий низо ҳақидаги Такаичи сўзлари ортидан юзага келди. Япония Бош вазири парламентда таъкидладики, агар Тайван атрофида ҳарбий можаро юзага келса, бу Япония учун «экзистенциал таҳдид» (ҳаёт учун хавфли таҳдид) бўлиб, унинг коллектив мудофаа ҳуқуқидан фойдаланишига олиб келиши мумкин. Хитой эса Тайванни ўз ҳудудига мансуб деб ҳисоблайди ва буга қатъий қарши чиқди.