Хўжайли туманининг “Саманкўл” маҳалласида юз берган оғир фожиа маҳаллий аҳолини ларзага солди. 13 декабрь куни “Фахрийлар” кўчасида жойлашган хонадонда газдан заҳарланиш оқибатида бир оила тўлиқ ҳалок бўлди.
Дастлабки маълумотларга кўра, ушбу уйда ижара асосида истиқомат қилган фуқаро А.Ж. совуқ кунларда хонани иситиш мақсадида қўлбола иситиш печини бошқа хонага кўчириб, уни газ тармоғига морисиз ва қонун талабларига зид равишда улаган. Натижада газ ёнишидан ҳосил бўлган ис гази хонага тарқалиб, оила аъзоларини заҳарлаган.
Фожиа оқибатида фуқаро А.Ж. ҳамда унинг икки нафар фарзанди — 2011 йилда туғилган А.С. ва 2015 йилда туғилган А.Қ. воқеа жойида ҳаётдан кўз юмган.
Ҳодиса ҳақида хабар олингач, жойига тергов-оператив гуруҳ, шунингдек, тегишли хизматлар ва идоралар вакиллари етиб келиб, ҳолат юзасидан кўздан кечириш ва ўрганиш ишларини олиб борган.
Туман ҳокимлиги томонидан марҳумлар оиласига зарур ижтимоий ёрдам кўрсатилмоқда. Айни пайтда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар мазкур воқеа бўйича терговга қадар текширув ишларини амалга ошириб, ҳодисага сабаб бўлган омиллар ва масъул шахсларни аниқламоқда.
Мутасаддилар фуқароларни газдан фойдаланишда хавфсизлик қоидаларига қатъий амал қилишга чақириб, бепарволик қайтиб бўлмас оқибатларга олиб келиши мумкинлигини яна бир бор таъкидлади.
