Тошкентда халқаро сув ҳафталиги ўтказилади

Келгуси йил март ойида Тошкент шаҳрида Халқаро сув ҳафталиги бўлиб ўтади. Мазкур тадбир халқаро институтлар ҳамда минтақа давлатлари билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва “яшил” технологияларни жорий этиш масалалари бўйича мулоқот майдони бўлиб хизмат қилади.

15 декабрь куни Президент Шавкат Мирзиёевга сув хўжалигида энергия самарадорлигини ошириш, илмий салоҳиятни ривожлантириш ва халқаро ҳамкорликни кенгайтириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида ахборот берилди. Давлат раҳбари халқаро сув ҳафталигини юқори савияда ўтказиш, шунингдек, келгуси йил Оролбўйи ҳудудида сув тежаш технологияларига бағишланган халқаро форумга пухта тайёргарлик кўриш бўйича топшириқлар берди.

Сўнгги ойларда Тошкент шаҳри ичимлик суви ва оқова хизматларини яхшилашга бағишланган илк Марказий Осиё анжумани, шунингдек, Сув кодексининг кучга кириши муносабати билан ўтказилган халқаро анжуманга мезбонлик қилди.

Маълум қилинишича, Қорақалпоғистонда ҳозирда 274 та насос станцияси мавжуд бўлиб, улар орқали 185 минг гектардан ортиқ ер майдонлари суғорилмоқда. Ушбу станциялардаги насос агрегатларининг ярмидан кўпи 1979 йилда ишлаб чиқарилган бўлиб, улар замонавий ускуналарга нисбатан 2–3 баробар кўпроқ электр энергияси сарфлайди.

Хусусан, Кегейли туманида эски насос агрегати замонавий энергия тежамкор ускунага алмаштирилгандан сўнг электр энергияси сарфи икки баробарга камайган. Ушбу тажрибадан келиб чиқиб, Қорақалпоғистондаги 276 та насосни босқичма-босқич замонавий агрегатларга алмаштириш режалаштирилган. Натижада йиллик 25 миллиард сўмгача электр энергияси тежалиши ва лойиҳа харажатлари 14 ой ичида ўзини оқлаши кутилмоқда.