Мексиканинг Толука шаҳрида жойлашган халқаро аэропортга қўниш чоғида хусусий самолёт ҳалокатга учради. Ҳодиса оқибатида 10 нафар инсон ҳалок бўлган, деб хабар беради «МИР 24».
Фожеа Cessna Citation III русумли самолёт билан боғлиқ. У Акапулько шаҳридан Толука томон парвоз қилаётган бўлган. Қўниш вақтида самолёт учиш-қўниш йўлагига етмай, тахминан 5,5 километр олдинда аэропорт ҳудудидаги ангарлар устига қулаган.
Катта тезликда ерга урилиш оқибатида самолёт парчаланиб, портлаб кетган. Самолёт бортида икки нафар экипаж аъзоси ва саккиз нафар йўловчи бўлган. Афсуски, уларнинг барчаси ҳалок бўлган.
Ҳодиса жойига зудлик билан ўт ўчирувчилар, тез ёрдам ходимлари, Фуқаролик муҳофазаси хизматлари ҳамда Мехико штати хавфсизлик тузилмалари етиб келган.
Авиаҳалокат сабабларини аниқлаш учун федерал фуқаролик авиацияси агентлиги мутахассислари ва маҳаллий ҳокимият вакиллари иштирокида махсус ишчи гуруҳ тузилган.
Маълум қилинишича, аввалроқ Суданда ҳарбий Ил-76 юк самолёти ҳам ҳалокатга учраган эди. Қизил денгиз бўйидаги Порт-Судан шаҳрида жойлашган «Осман Дигна» авиабазасига қўниш вақтида техник носозлик туфайли самолёт қулаган ва экипаж аъзоларининг барчаси ҳалок бўлган.
