Президент Шавкат Мирзиёев 17 декабрь куни фуқаро ва тадбиркорларнинг конституциявий ҳуқуқларини ҳимоя қилишни кучайтириш ҳамда Конституциявий суд фаолиятини рақамлаштиришга қаратилган янги механизмлар бўйича тақдимот билан танишди.
Тақдимотда Конституциявий судга келиб тушаётган мурожаатларни кўриб чиқиш тартиб-таомилларини соддалаштириш, сансалорликларни бартараф этиш ва “конституциявий шикоят” институтининг самарадорлигини ошириш таклиф қилинди. Хусусан, суд ишида қўлланилган қонун Конституцияга зид деб топилган тақдирда, тегишли суд ҳужжатини қайта кўриб чиқиш механизмини жорий этиш режалаштирилмоқда.
Шунингдек, Конституциявий суд фаолиятини тўлиқ рақамлаштириш орқали аҳолига қулайлик яратиш масалалари муҳокама қилинди. Режаларга кўра, суд мажлисларида масофадан онлайн иштирок этиш, мажлисларни интернет орқали жонли трансляция қилиш ҳамда вазирлик ва идоралар ўртасида электрон ахборот алмашинувини йўлга қўйиш кўзда тутилмоқда.
«Бундан ташқари, Конституциявий суд томонидан ҳар йили конституциявий қонунийликни мустаҳкамлаш бўйича бериладиган таклиф ва тавсияларни амалга ошириш самарадорлигини ошириш вазифаси белгиланди», – дейилади хабарда.
Тақдимотда суднинг халқаро нуфузини мустаҳкамлаш, хорижий давлатларнинг конституциявий судлари билан ҳамкорликни кенгайтириш масалаларига ҳам эътибор қаратилган. Суднинг Осиё конституциявий судлари ассоциациясига раислиги доирасида Ўзбекистонда ва хорижда халқаро тадбирлар ўтказиш режалаштирилган.
Шу билан бирга, иқтисодий ва маъмурий судларни аҳоли ҳамда тадбиркорларга янада яқинлаштириш масалалари ҳам кўриб чиқилган. Жумладан, ушбу судларга мурожаат қилишда экстерриториал судловга тегишлиликни автоматлаштирилган ахборот тизими орқали аниқлаш ташаббуси илгари сурилган.
Президент таклифларни қўллаб-қувватлаб, уларни сифатли ва тизимли амалга ошириш бўйича масъулларга топшириқлар берган.
