Ўзбекистонда ишламайдиган айрим оилалар учун нафақа ва ёрдам пуллари тўхтатилади

Шавкат Мирзиёев 17 декабрь куни ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш ва ҳудудларда комплекс ижтимоий ва реабилитация хизматларини кенгайтиришга қаратилган таклифлар билан танишди.

Президентнинг ижтимоий ҳимоя бўйича маслаҳатчиси — Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директори Мансурбек Оллоёров Ўзбекистон 24 телеканалига берган интервьюсида давлат раҳбарига эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш бўйича ижтимоий ёрдам ва хизматлар кўрсатишнинг янги тизими тақдим этилганини маълум қилди.

Унинг қайд этишича, оилаларни давлат таъминотидаги, меҳнат лаёқати паст бўлган, камбағал ҳамда камбағаллик чегарасидаги тоифаларга ажратган ҳолда манзилли ишлаш механизмлари бўйича таклифлар ишлаб чиқилган.

«Лойиҳага кўра, давлат таъминотидаги оилаларга бандлик талабисиз ижтимоий ёрдам кўрсатиш назарда тутилмоқда. Меҳнат қилиш имкониятига эга камбағал оилаларга эса ёрдам бериш билан бирга, ишлаш талаби жорий этилади. Агар бундай оилалар олти ой давомида банд бўлмаган ёки таклиф этилган ишларда ишламайдиган бўлса, уларга нафақа ва ижтимоий ёрдамлар тўхтатилади. Олти ой давомида ишлаганларга ижтимоий ёрдамлар давом эттирилади», — деди Оллоёров.

Шунингдек, лойиҳада даромади минимал истеъмол харажатларидан юқори, лекин камбағаллик чегарасида бўлган оилаларни ҳам давлат томонидан қўллаб-қувватлаш кўзда тутилган.

Бундан ташқари, Мансурбек Оллоёров давлат таъминотидаги оилалар учун ижтимоий пакетлар доирасида қўшимча имкониятлар белгиланаётганини қайд этди. Хусусан, уларга ўз томорқаларидан фойдаланган ҳолда бандлигини таъминлаш учун Камбағалликни қисқартириш жамғармаси ҳисобидан молиявий инструментлар ажратиш режалаштирилган.