АҚШ сўнгги кунларда мамлакатда яшаш ҳуқуқини берувчи 1,3 миллиард долларлик “олтин” грин-карталарни сотди. Бу ҳақда савдо вазири Говард Латник маълум қилди.
“Бир неча кун ичида сотувлар 1,3 миллиард долларга етди”, — деди Латник Оқ уйда, АҚШ президенти Дональд Трампнинг шу пайтгача қанча олтин карта сотилгани ҳақидаги саволига жавобан.
Ҳозирда АҚШ ҳудудида қонуний яшаш имконияти Ички хавфсизлик вазирлиги томонидан аризани кўриб чиқиш учун 15 минг доллар тўлов эвазига тақдим этилмоқда. Ариза маъқулланса, номзод АҚШ ҳукуматига яна 1 миллион доллар тўлаши керак бўлади. Бунда ҳокимият ушбу грин-картани тезкор кўриб чиқиш ва олишни ваъд қилмоқда.
11 декабрь куни АҚШ президенти Дональд Трамп камида 1 миллион доллар тўлай оладиган бадавлат чет элликлар учун тезлаштирилган виза дастурини ишга туширди.
Трампнинг айтишича, “олтин карта” махсус иммиграция визаси ҳисобланади. У талабга жавоб берадиган ва текширувдан ўтган шахслар учун “тўғридан тўғри фуқароликка йўл очади”.
Бундан аввал АҚШ ички хавфсизлик вазири Кристи Ноэм “грин карта” лотереяси дастурини вақтинча тўхтатишни буюргани ма`лум қилинганди.
АҚШ президенти Дональд Трамп маъмурияти 2 декабрь куни 19 та давлат фуқаролари томонидан бериладиган барча иммиграцион аризалар, жумладан, “грин карта” ва Қўшма Штатлар фуқаролигини олиш бўйича ҳужжатлар қабул қилиниши тўхтатилганини маълум қилди.
