Ҳиндистоннинг Ассам штатида Сайранг — Нью-Дели йўналишида ҳаракатланаётган йўловчи поезди тунги пайтда ёввойи филлар тўдасига урилиб кетди. Бу ҳақда маҳаллий ўрмон хўжалиги идорасига таянилган ҳолда PTI агентлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, тўқнашув натижасида саккизта фил ҳалок бўлган. Ҳодиса оқибатида локомотив ва бешта вагон рельсдан чиқиб кетган. Шимолий-Шарқий чегара темир йўл маъмуриятининг билдиришича, йўловчилар орасида жабрланганлар йўқ.
Воқеа сабабли мазкур участкада поездлар ҳаракати вақтинча чекланди. Ушбу йўналишдан ўтиши керак бўлган поездлар муқобил маршрутлар орқали ҳаракатлантирилмоқда. Ҳодиса жойида тиклаш ишлари олиб борилмоқда.
Қайд этилишича, Ҳиндистонда ҳар йили темир йўлларда юз берадиган шунга ўхшаш ҳодисалар натижасида 20 тагача фил ҳалок бўлади. Бундай фожиаларнинг олдини олиш мақсадида мамлакатда 33 та махсус қўриқхона ва 150 та экологик коридор ташкил этилган. Шунингдек, темир йўллар яқинида филларнинг ҳаракатини кузатиб борувчи ва машинистларни мобиль илова орқали олдиндан огоҳлантирувчи тизим жорий этилган.
