Москва шаҳрида содир бўлган портлаш оқибатида Россия Қуролли кучлари Бош штаби оператив тайёргарлик бошқармаси бошлиғи, генерал-лейтенант Фанил Сарваров ҳалок бўлди.
Россия Тергов қўмитаси маълум қилишича, 22 декабрь куни эрталаб Ясенова кўчасида автомобил остига ўрнатилган портловчи қурилма ишга тушган. Генерал оғир тан жароҳати олиб, воқеа жойида вафот этган.
Ҳолат юзасидан кўпчилик учун хавфли усулда одам ўлдириш ва портловчи моддалар билан қонунга хилоф муомала қилиш моддалари бўйича жиноят иши қўзғатилган. Тергов версияларидан бирига кўра, ҳодиса Украина махсус хизматлари билан боғлиқ бўлиши мумкин. Киев бу бўйича расмий муносабат билдирмаган.
ОАВ хабарларига кўра, портлаш турар жой автотураргоҳида турган Kia Sorento автомобилида содир бўлган.
Фанил Сарваров 2016 йилдан буён ушбу бошқармага раҳбарлик қилиб келган, Чеченистон ва Суриядаги ҳарбий амалиётларда иштирок этган. Унга 2024 йил май ойида генерал-лейтенант унвони берилган.
Бу Россия–Украина уруши бошланганидан бери юқори лавозимли россиялик ҳарбийга қарши амалга оширилган навбатдаги суиқасд ҳисобланади.
