2026 йил 1 январдан Ўзбекистонда «Экологик транспорт» — эко-стикер тизими жорий этилади. Бироқ эко-стикер ранги мос келмайдиган ҳудудга кирган ҳайдовчиларга жарима қўллаш дарҳол эмас, балки 2 йилдан сўнг бошланади. Бу ҳақда ИИВ Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати матбуот котиби Зойир Йўлдошев маълум қилди.
Маълум қилинишича, эко-стикерлар уч хил — яшил, сариқ ва қизил рангда бўлади. Дастлаб сариқ ёки қизил стикер олган ҳайдовчилар транспорт воситасини диагностик кўрикдан ўтказиб, стикер рангини ўзгартириш ҳуқуқига эга бўлади. Бунинг учун мамлакат бўйлаб барча диагностик марказлар фаолият кўрсатади.
Қайд этилишича, транспорт воситалари ҳақидаги барча маълумотлар Йўл ҳаракати хавфсизлиги тизимида электрон тарзда юритилади. Марказий шаҳарлардаги камералар орқали эко-стикер ранги мос келмайдиган ҳудудга кириш ҳолатлари аниқланади ва ҳайдовчиларга огоҳлантириш бериб борилади.
Мутахассиснинг таъкидлашича, эко-стикер тизими 2026 йилдан ишга тушса-да, жарималарни қўллаш 2 йиллик мослашув давридан кейин, яъни 2028 йилдан бошланади.
