Наманганда “Кўмир таъминот” МЧЖ мансабдорига нисбатан жиноят иши қўзғатилди

Наманган вилоятида “Кўмир таъминот” МЧЖ филиали мансабдор шахслари томонидан лавозимга тайинлаш ва кўмир вагонлари сонини ошириш эвазига катта миқдорда пора олиш ҳолати фош этилди.

Маълумотларга кўра, филиал бошлиғи ўринбосари ўзининг юқори лавозимларда ишловчи танишлари орқали фуқарони туманлардан биридаги кўмир омбори раҳбари лавозимига тайинлаш ҳамда омборга келувчи кўмир ортилган юк вагонлари сонини кўпайтириш эвазига 40 000 АҚШ доллари талаб қилган.

Жорий йилнинг 6 декабр куни у сўралган маблағнинг 25 000 АҚШ долларини филиал ишчиси орқали олиб, фуқарони омбор мудири лавозимига тайинланишини таъминлаган. Кейинчалик эса қолган 15 000 АҚШ доллари, шунингдек омборга юборилган 30 та вагон учун “улуш” сифатида 7 500 АҚШ доллари — жами 22 500 АҚШ доллари талаб қилган.

Ушбу маблағ воситачи бўлган филиал ишчиси орқали олинаётган вақтда Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари томонидан ноқонуний ҳаракатларга чек қўйилган.

Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” банди ва 211-моддаси 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланган.