Ўзбекистонда «Меҳрли оила» хизмати ташкил этилади

Жорий йил 24 декабрдаги ПФ–256-сон фармон билан 2026 йил 1 мартдан «Инсон» марказларида ижтимоий ҳимояга муҳтож болаларнинг ота-оналари учун «Меҳрли оила» хизмати ташкил этилади.

«Меҳрли оила» хизматига ота-оналар Болалар масалалари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳри ва туман (шаҳар) комиссияларининг қарори асосида жалб қилинади.

«Меҳрли оила» хизматига жалб қилинган ота-оналарга фарзандларининг оиласи билан бузилган муносабатларни тиклаш ва уларнинг ижтимоийлашувига кўмаклашиш учун «оилавий терапия» хизматлари бепул кўрсатилади.

Шунингдек, 2026 йил 1 сентябрдан зўравонликдан жабрланган болаларга ва зўравонликка гувоҳ бўлган болаларга улар тегишли процессуал хатти-ҳаракатларга жалб этилган вақтдан эътиборан давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатилади.

Зўравонликдан жабрланган болаларнинг дастлабки кўрсатувлари мажбурий тартибда видеоёзув орқали қайд этилади. Таълим, соғлиқни сақлаш ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ташкилотлари ходимлари томонидан болаларга нисбатан зўравонлик билан боғлиқ аниқланган фактлар ҳақида хабар бермаганлик учун маъмурий жавобгарлик жорий этилади.