Сўнгги йилларда глобал иқтисодиётда критик минералларга талаб жадал ошиб бормоқда. Энергетика трансформацияси, юқори технологиялар ва яшил иқтисодиёт ривожи бевосита ушбу ресурсларга боғлиқ. Шу жараёнда Ўзбекистон технологик металлар комбинати барқарор, экологик жиҳатдан масъулиятли ва халқаро стандартларга мос саноат моделини шакллантирмоқда.
ТМК қисқа вақт ичида мамлакатимизнинг етакчи саноат компанияларидан бирига айланди. Комбинат фаолияти хомашёни қазиб олишдан тортиб, чуқур қайта ишлаш ва юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқаришгача бўлган тўлиқ интеграциялашган занжирни қамраб олади. Шу билан бирга, ТМК ишлаб чиқариш жараёнларида ESG тамойилларини изчил жорий этишни устувор йўналиш сифатида белгилаган.
Бугунги кунда ТМК экологик бошқарув ва ESG талабларини жорий этиш натижасида атроф-муҳитни бошқариш бўйича халқаро ISO сертификатига эга. Ушбу сертификат ишлаб чиқариш жараёнларининг барқарорлиги, экологик хавфсизлик ва доимий такомиллаштириш механизмларининг халқаро стандартларга мослигини тасдиқлайди.
Жорий йилда ТМК томонидан ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш ва инфратузилмани модернизация қилишга қаратилган қатор йирик лойиҳалар амалга оширилди. Чирчиқ шаҳридаги Нодир металлар ва қаттиқ қотишмалар ишлаб чиқариш заводи қувватларини кенгайтириш, Самарқанд вилоятидаги Ингичка бойитиш фабрикасида техноген чиқиндиларни қайта ишлаш бўйича ижобий экологик хулосалар олинган.
ТМК тасарруфидаги Чиқчиқ шаҳрида жойлашган Нодир металлар ва қаттиқ қотишмалар ишлаб чиқариш заводида Марказий Осиё минтақасида илк бор замонавий экологик технология жорий этилди. Ушбу ечим молибден маҳсулотларини қайта ишлаш жараёнида экологик хавфларни кескин камайтиришга қаратилган. Аввалги технологияларда молибден хомашёси аммиакли сув ва кислоталар билан ювилар, натижада аммиак буғларининг атмосфера ҳавосига чиқиши кузатиларди. Янги уч босқичли содали эритма асосидаги технология эса барча жараёнларни ёпиқ циклда амалга ошириш имконини беради.
Натижада аммиакли сув сарфи 4,4 бараварга камайиб, аммиак буғларининг ҳавога чиқиши тўлиқ бартараф этилди. Бу технология ТМКда ишлаб чиқариш самарадорлиги билан бир қаторда экологик инновациялар ҳам жорий этилаётганини кўрсатади.
ТМКда жорий этилган экологик сиёсат доирасида экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича ихтисослашган хизмат ташкил этилган бўлиб, мазкур хизмат ишлаб чиқаришнинг экологик мониторинги, чиқиндилар билан ишлаш, сув ва атмосфера муҳофазаси, шунингдек, ваколатли давлат органлари билан ҳамкорликни таъминлайди.

ТМКнинг саноат обектларида қуёш панеллари эксплуатация қилиниб, энергия эҳтиёжларининг бир қисми қайта тикланувчи манбалар ҳисобидан таъминланаётгани эса комбинатда энергия самарадорлигини оширишга хизмат қилмоқда.
Бундан ташқари, чиқиндиларни бошқаришнинг замонавий тизими босқичма-босқич жорий этилмоқда. Иккиламчи ресурсларни қайта ишлаш, халқаро даражадаги “яшил” сертификатларга эга бўлиш ва чиқиндиларни камайтиришга қаратилган йирик ташаббуслар ТМКда ESGнинг “Environmental” бўлими изчил амалга оширилаётганини кўрсатади.
Ўзбекистон технологик металлар комбинати бугун глобал саноатнинг эртанги куни учун зарур бўлган келажак металларини ишлаб чиқариш билан бирга, ESG тамойилларига асосланган барқарор саноат моделини ҳам шакллантирмоқда. Экологик инновациялар, ресурс тежовчи технологиялар, шаффоф бошқарув ва халқаро стандартларга мос фаолият орқали ТМК келажак авлодлар учун хавфсиз ва барқарор муҳит яратишга интилмоқда.
