Қозоғистондаги «Azerbaijan Airlines» самолётининг ҳалокатига бир йил бўлди: нималар маълум?

Қозоғистон Транспорт вазирлиги 2024 йил 25 декабрь куни Актау яқинида содир бўлган «Azerbaijan Airlines» авиакомпаниясига тегишли Эмбраер 190 (борт рақами 4K-АЗ65) самолёти билан боғлиқ авиация ҳодисаси бўйича тергов жараёни юзасидан оралиқ ахборотни эълон қилди, деб хабар бермоқда Tengrinews.kz.

Нима содир бўлган

Ҳужжатда қайд этилишича, самолёт Боку (УБББ) – Грозний (УРМГ) йўналиши бўйича Ж2-8243 рейсини амалга ошираётган бўлган. Авиация ҳодисаси оқибатида 38 киши (жумладан, 3 нафар экипаж аъзоси) ҳалок бўлган, 29 киши турли даражадаги тан жароҳатлари олган.

“Қозоғистон транспорт вазири вазифасини бажарувчининг 26.12.2024 йилдаги 433-сон буйруғи билан тузилган мазкур ҳодисани текшириш комиссияси авиация ҳодисасининг сабаблари ва унга таъсир кўрсатган омилларни аниқлаш бўйича ишларни давом эттирмоқда”, — дейилади Транспорт вазирлиги хабарида.

Комиссия ишида Озарбайжон, Россия ва Бразилия ваколатли вакиллари, шунингдек, Халқаро фуқаро авиацияси ташкилоти (ICАО)дан кузатувчи иштирок этмоқда. Аввалроқ, 2025 йил 4 февралда дастлабки ҳисобот эълон қилинган эди.

Тергов жараёни

Оралиқ ахборот тайёрланган пайтга қадар комиссия экипаж ва диспетчерлар ҳақидаги маълумотлар, парвозга тайёргарлик ва уни амалга ошириш бўйича ҳужжатлар, метеорологик ахборот ҳамда техник хизмат кўрсатиш материалларини ўз ичига олган фактик маълумотларни тўплаб, таҳлил қилган. Борт журнали ва парвозга оид бошқа ҳужжатларнинг нусхалари олинган.

Шунингдек, борт ёзувчилари билан ишлаш ҳақида ҳам маълумот берилган: парвоз маълумотлари регистратори (ФДР)дан олинган парвоз параметрлари чиқарилиб, аниқланган ва дешифровка қилинган, борт овоз ёзувчиси (CВР) ёзувлари ҳам ечиб ўқилган.

Ҳалокат жойини кўздан кечириш

Комиссия авиация ҳодисаси содир бўлган жойни батафсил кўздан кечириб, ҳаво кемаси конструкция элементларининг фазовий жойлашувини қайд этган. Фото ва видео тасвирга олиш ишлари амалга оширилган, самолёт агрегатлари воқеа жойидан йиғиб олиниб, олиб чиқилган.

Экспертиза натижалари

Тергов доирасида ташқи металл буюмлар бўйича комплекс экспертизалар ўтказилган. Натижаларга кўра, портловчи моддалар излари аниқланмаган, учта кислород баллони портлаш аломатларига эга эмас.

“Самолётга етказилган шикастлар тахминан жанговар каллакнинг зарарловчи элементлари таъсири натижасида юзага келган бўлиши мумкин, бироқ уларнинг қайси манбага тегишли эканини аниқлаш имкони бўлмади”.

Бундан ташқари, гидравлик тизим №2 га тегишли қувур қисмининг трассологик экспертизаси шикастланишлар мавжудлигини кўрсатган. Уларнинг ҳосил бўлиш механизми қаттиқ буюмлар билан тўқнашув натижасида металлнинг ёрилиши сифатида тавсифланади. Тешик шикастлар темир асосидаги қотишмадан тайёрланган металл бўлаклар (ташқи объектлар) сабабли юзага келган бўлиши мумкин.

Ускуналар ва маълумотлар билан ишлаш

Шунингдек, «Honeywell International Inc.» заводида ишлаб чиқарилган авионика модул блокидан олинган Марказий техник хизмат кўрсатиш компьютери (Central Maintenance Computer) кассеттаси ўрганилган. Иссиқлик таъсири туфайли ундаги маълумотларни чиқариб олишнинг имкони бўлмаган.

Маълумотларни тиклаш учун хотира картаси ишлаб чиқарувчиси — «Delkin Devices Inc.» компаниясига мурожаат қилиш тавсия этилган. Ҳозирда комиссия АҚШнинг ваколатли вакили билан ушбу корхона базасида тадқиқот ўтказиш бўйича музокаралар олиб бормоқда.

«CMC Electronics» заводи базасида авионика модул блоклари №1 ва №3 дан олинган ГПС1 ва ГПС2 кассетталарини ўрганиш ишлари якунланган, ҳозирда олинган маълумотлар таҳлил қилинмоқда.

Алоҳида ишчи гуруҳлар

Комиссия икки ишчи гуруҳ тузган. Биринчи гуруҳ ICАО’нинг Доc 10084 ҳужжатига мувофиқ, можаро ҳудудлари устида ёки уларга яқин парвозларни амалга оширишда хавфларни баҳолаш, жумладан, фуқаролик ва ҳарбий секторлар ўртасидаги ҳамкорлик масалаларини таҳлил қилмоқда.

Иккинчи ишчи гуруҳ Актау шаҳрида гидравлик тизим №2 элементларини реконструкция (қайта жойлаштириш) қилган. Ҳозирда ушбу ишлар якунланган бўлиб, материаллар таҳлил босқичида.

Кейинги босқич

Ҳозирги вақтда комиссия Cентрал Маинтенанcе Cомпутер кассеттасини ўрганиш бўйича ишлар якунланишини, шунингдек, можаро ҳудудларига яқин парвозларда хавфларни баҳолаш бўйича ишчи гуруҳ ҳисоботининг тайёрланишини кутмоқда.

“Текширув комиссияси вазмин позицияга амал қилади, барча хулосалар фақат фактларга асосланган ҳолда, холис тарзда чиқарилади. Авиация ҳодисасини тергов қилиш якунлари бўйича якуний ҳисобот Қозоғистон Транспорт вазирлиги сайтида эълон қилинади”, — дейилади ҳужжатда.