Сирдарёда ЙТҲ: бир маҳалладан тўрт нафар ёш йигит ҳалок бўлди

Сирдарё вилоятида юракни ларзага солган йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди. Натижада бир маҳаллада истиқомат қилган тўрт нафар ёш йигит ҳалок бўлган.

Дастлабки маълумотларга кўра, фожиа ёшлар футбол ўйинидан кейин автомобилда уйларига қайтиб кетаётган вақтда юз берган. Ҳаракат жараёнида ҳайдовчи транспорт воситаси бошқарувини йўқотиб, автомобиль каналга тушиб кетган.

Оқибатда салонда бўлган тўрт нафар йўловчи машинани тарк эта олмаган ва воқеа жойида вафот этган. Марҳумларнинг ёши 19–20 атрофида бўлгани, уларнинг барчаси бир маҳаллада яшагани маълум қилинмоқда.

Автомобилни бошқарган ҳайдовчи эса оғир аҳволда шифохонага ётқизилган. Шифокорлар унинг ҳаётини сақлаб қолишга муваффақ бўлган.

Ҳодиса юзасидан жиноят иши қўзғатилган бўлиб, тегишли идоралар томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.