Президентнинг 2025 йил 30 декабрдаги ПФ-269-сонли Фармонига мувофиқ, аҳолини асосий истеъмол маҳсулотлари билан барқарор таъминлаш ҳамда иқтисодиёт тармоқларини қўллаб-қувватлаш мақсадида бир қатор муҳим имтиёзлар жорий этилди.
Фармонга кўра, ижтимоий аҳамиятга эга айрим турдаги товарларга нисбатан божхона божининг нол ставкаси қўлланилиши 2027 йил 1 январга қадар узайтирилди. Вазирлар Маҳкамаси ички бозордаги ҳолатдан келиб чиққан ҳолда ушбу товарлар рўйхатига ўзгартириш киритиб бориши белгиланди.
2026 йил 1 январдан бошлаб республика ҳудудига олиб кириладиган қуйидаги товарлар божхона божидан озод этилади:
Электромобиллар соҳасида — қувватлантириш станциялари ва сервис инфратузилмаси учун технологик асбоб-ускуналар (2028 йил 1 январгача);
Ипакчилик соҳасида — пилла йигириш ва тўқиш дастгоҳларининг эҳтиёт қисмлари, тут уруғи ва кўчатлари, ипак қурти уруғлари (2028 йил 1 январгача);
Балиқчилик соҳасида — республикада ишлаб чиқарилмайдиган наслдор она балиқ, увулдириқ, личинка ҳамда балиқ етиштириш учун махсус ускуналар (2029 йил 1 январгача);
Транспорт соҳасида — автобус ва электробусларга хизмат кўрсатиш учун технологик асбоб-ускуналар ва эҳтиёт қисмлар (2029 йил 1 январгача);
Экология соҳасида — чиқиндиларни утилизация қилиш ва биологик чирийдиган полимер материаллар ишлаб чиқариш учун зарур махсус техника ва ускуналар (2031 йил 1 январгача).
Шунингдек, 2026–2031 йиллар давомида чиқиндиларни тўплаш, саралаш ва қайта ишлаш билан шуғулланувчи, даромадларининг камида 90 фоизи ушбу фаолиятдан иборат бўлган тадбиркорлар учун фойда солиғи ва ижтимоий солиқ ставкаси 1 фоиз этиб белгиланди.
Фармон 2026 йил 1 январдан кучга киради. Унинг ижросини ташкил этиш ва назорат қилиш Бош вазир ҳамда унинг ўринбосарлари зиммасига юклатилди.
