Россия ҳарбий ҳаракатларида иштирок этган Андижонлик фуқаро қўлга олинди

Россия Федерацияси ҳудудида қамоқ жазосидан қутулиш эвазига ҳарбий ҳаракатларда иштирок этган Андижон шаҳрида яшовчи фуқарога нисбатан суд ҳукми ўқилди. Жиноят ишлари бўйича Жалақудуқ туман суди ишни кўриб чиқиб, айбланувчини жиноий жавобгарликка тортган.

Маълумотларга кўра, Андижон шаҳрида истиқомат қилувчи И.Х. 2022 -йил декабрь ойида ишлаш мақсадида Россияга борган. У Москва ва Челябинск шаҳарларида “Яндекс” платформаси орқали етказиб бериш хизматида ишлаган. 2023 йил январ ойида эса гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний муомаласи билан боғлиқ жиноят учун Россия ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари томонидан қўлга олинган.

Челябинск шаҳар суди ҳукми билан И.Х. 8 йил муддатга озодликдан маҳрум этилган. Жазони ўташ даврида унга Россия ва Украина ўртасидаги қуролли тўқнашувларда иштирок этиш орқали жазодан озод бўлиш таклифи берилган. 2024 йил август ойида у Россия Қуролли кучлари билан шартнома тузиб, оддий аскар сифатида ҳарбий хизматга киришган.

Жанглар вақтида оғир тан жароҳатлари олиб, узоқ муддат Россия ҳарбий госпиталларида даволанган. 2025 йил сентябрь ойида эса фуқаро Ўзбекистон консуллик ҳужжатлари асосида Ватанга қайтган.

Суд И.Х ни Жиноят кодексининг 154 моддаси 1 қисми билан айбли деб топиб, 5 йиллик озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади. Бироқ жазо шартлига алмаштирилиб, 2 йил муддатга озодликни чеклаш жазосини белгилаган.