“Суюнчи пули” эндиликда аризасиз берилади

Ўзбекистонда давлат ижтимоий суғуртаси тизими тубдан янгиланмоқда. Президентнинг 2025 йил 3 ноябрда қабул қилинган “Давлат ижтимоий суғуртаси бўйича тўловларни тайинлаш ва тўлаш тизимини такомиллаштиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига (ПФ–206-сон) кўра, 2026 йил 1 январдан ижтимоий тўловларни тайинлашда проактив тизим жорий этилади.

Янги тартибга мувофиқ, ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси — жамоат орасида “суюнчи пули” деб аталадиган тўлов — фуқароларнинг мурожаатисиз, автоматик равишда тайинланади ва тўланади.

Фармонга кўра, фуқаролар давлат ижтимоий суғуртаси билан мажбурий ва ихтиёрий асосларда қамраб олинади. Мажбурий суғурта Давлат бюджети ҳисобидан, ихтиёрий суғурта эса меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 5 фоизи миқдоридаги ойлик бадал эвазига амалга оширилади.

Ижтимоий тўловлар Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳузуридаги Давлат ижтимоий суғурта жамғармаси орқали фуқароларнинг суғурта стажи ва тўлаган бадалларига мутаносиб равишда тўланади.

Шунингдек:

  • 2026 йил 1 январдан — ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси,
  • 2026 йил 1 июлдан — вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик нафақаси

проактив шаклда тайинланади.

2030 йил 1 январдан эса ишдан бўшатиш нафақаси фуқаролар мурожаати асосида Жамғарма орқали тўланиши белгиланган.