Швейцариядаги барда 40 киши ўлимига сабаб бўлган ёнғинга бенгал шамлари сабаб бўлгани айтилмоқда

Швейцариянинг Кран-Монтана курортидаги бардаги ёнғинга Бенгал шамлари сабаб бўлган бўлиши мумкин. Бу ҳақда кантон бош прокурори Вале Беатрис Пиллу маълум қилди.

«Ҳамма нарса ёнғин шампан шишаларига ёпиштирилган бенгал шамлари туфайли бошланганини кўрсатмоқда. Улар шифтга жуда яқин бўлган», – деган бош прокурор.

Пиллунинг таъкидлашича, шифт акустик пена билан қопланган, шунинг учун олов жуда тез тарқалган.

Бош прокурорнинг сўзларига кўра, бу асосий версия ҳисобланади, аммо ҳали узил-кесил тасдиқланмаган.

Терговчилар ёнғин нега бу қадар тез тарқалганига алоҳида эътибор қаратмоқда. Хусусан: барда яқинда ўтказилган таъмирлаш ишлари, шифтда қўлланган материаллар (айниқса акустика учун ўрнатилган кўпик/изоляция материаллари), ёнғин хавфсизлиги талабларига риоя қилинган-қилинмагани, воқеа пайтида бинода бўлган одамлар сони ва эвакуация имкониятлари. 

Reuters’га кўра, бар эгалари сўроқ қилинган, бироқ улар ҳозирча гумонланувчи мақомида эмас. Агар «эҳтиётсизлик» аломатлари тасдиқланса, эҳтиётсизлик оқибатида ёнғин чиқариш, одам ўлимига сабаб бўлиш каби айбловлар қўйилиши мумкин. 

Бардаги ёнғин янги йилга ўтар кечаси рўй берди. Сўнгги маълумотларга кўра, камида 40 киши ҳалок бўлиб, яна 119 киши жароҳатланган.

Швейцарияда фожиа муносабати билан беш кунлик мотам эълон қилинган, қурбонлар шахсига аниқлик киритиш ишлари олиб борилмоқда.