Навоийда автобус ЙТҲга учради: 2 киши ҳалок бўлди

Навоий вилоятида автобус иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди. Бу ҳақда вилоят ИИБ хабар берди.

Маълум қилинишича, жорий йилнинг 5 январь куни тахминан Томди тумани “Томдибулоқ” ОФЙ ҳудудидан ўтувчи А–379 “Навоий — Учқудуқ” халқаро аҳамиятга эга автомобиль йўлининг 167–168-километрлари оралиғида ЙТҲ қайд этилган.

Дастлабки маълумотларга кўра, салонида 47 нафар йўловчи бўлган, техник жиҳатдан соз ҳолатдаги “Zhong Tong Bus” русумли автобус “Зарафшон — Навоий” йўналиши бўйлаб ҳаракатланиб бораётган вақтда, 1986 йилда туғилган, 17 йиллик ҳайдовчилик тажрибасига эга фуқаро Ш.Х. бошқарувни йўқотган. Оқибатда автобус ҳаракат йўналиши бўйича йўлнинг ўнг томонига чиқиб кетиб, ағдарилган.

Ҳодиса натижасида автобусда йўловчи сифатида кетаётган икки нафар фуқаро олган тан жароҳатлари сабабли воқеа жойида ҳалок бўлган.

Шунингдек, турли даражадаги тан жароҳатлари олган 9 нафар фуқаро тиббиёт муассасаларига ётқизилган.

Айни пайтда Навоий вилояти ИИБ томонидан ҳолатни тўлиқ ўрганиш, жабрланганларга ва уларнинг оила аъзоларига ёрдам кўрсатиш, шунингдек, ҳодисага олиб келган шарт-шароитларга ҳуқуқий баҳо бериш бўйича суриштирув ишлари олиб борилмоқда.