Ўзбекистонда “Беш миллион сунъий интеллект етакчилари” лойиҳаси амалга оширилади

Ўзбекистонда ёшларни IT соҳасига жалб қилиш, уларнинг рақамли билим ва кўникмаларини ошириш орқали юқори даромадли касбларга йўналтиришга қаратилган “Беш миллион сунъий интеллект етакчилари” лойиҳаси амалга оширилади. Бу ҳақда Ҳукуматнинг тегишли қарори қабул қилинди.

Маълум қилинишича, “Ёшларни IT соҳасига жалб қилиш, уларнинг рақамли билим ва кўникмаларини ошириш орқали юқори даромадли касбларга йўналтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ҳукумат қарори (849-сон, 2025 йил 31 декабрь) билан мазкур лойиҳани жорий этиш белгиланган.

Қарорга кўра, ушбу ташаббус “Бир миллион дастурчи” лойиҳасининг мантиқий давоми ҳисобланади. Лойиҳа доирасида ҳар йили энг юқори натижаларга эришган иштирокчиларни тақдирлаш бўйича миллий танлов ўтказиб борилади.

Танлов ғолиблари қуйидаги рағбатлантиришлар билан тақдирланади:

  • 100 нафар ўқитувчи — 1 000 АҚШ доллари эквивалентида пул мукофоти;
  • 10 нафар ўқитувчи — хорижий саёҳатга йўлланма;
  • 500 нафар ёш — ноутбук;
  • 500 нафар ёш — қимматбаҳо совғалар;
  • 3 та олий таълим ташкилоти — пул мукофоти;
  • 2 та умумтаълим мактаби — “Президент совғаси” — электромобиль.

Шунингдек, “Муҳаммад ал-Хоразмий ворислари” лойиҳаси доирасида ёшлар учун рақамлаштириш соҳасидаги замонавий касблар, жумладан, IT-лойиҳа бошқарувчиси, стартап лойиҳаси бошқарувчиси ҳамда хорижий тилларга бепул ўқиш имкониятлари яратилади.