Президент қарорига мувофиқ, 2026 йил 1 ноябрга қадар “Менинг инспекторим” номли мобил илова ишлаб чиқилади. Ушбу илова орқали фуқаролар маҳалла профилактика инспекторлари билан онлайн мулоқот қилиш, ҳуқуқбузарлик ҳолатларига оид фото, аудио ва видеоларни юбориш, шунингдек, хавотирли хабарлар қолдириш имкониятига эга бўлади. Илова орқали инспекторлар фаолиятини баҳолаш имконияти ҳам яратилади.
Шунингдек, жорий йил якунига қадар фуқароларнинг ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги оғзаки мурожаатларини соҳаси ва ҳудудидан қатъи назар, ички ишлар органлари ходимларининг хизмат планшетлари орқали қабул қилиш ва уларга тезкор жавоб қайтариш амалиёти жорий этилади.
Оилавий-маиший муносабатлар доирасида содир этиладиган жиноятларнинг олдини олиш мақсадида эса 2026 йил 1 майга қадар низоли оилалар тўғрисидаги маълумотларни тўплаш, таҳлил қилиш ва мониторинг қилиш имконини берувчи “E-ijtimoiy profilaktika” ахборот тизимининг “E-nizoli oila” модули жорий этилади ҳамда судлар билан интеграция қилинади.
