Ижтимоий тармоқларда Афғонистонда ўзбек тили қўлланилишига чекловлар жорий этилгани ҳақида тарқалган хабарлар ҳақиқатга тўғри келмайди. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги маълум қилди.
ТИВ матбуот котиби Аҳрор Бурҳоновнинг билдиришича, мазкур хабарлар юзасидан Ўзбекистон томони Афғонистон Ташқи ишлар вазирлиги билан тезкор алоқа ўрнатган. Афғонистон расмийлари мамлакат ҳудудида ўзбек тилидан фойдаланишга нисбатан ҳеч қандай чеклов йўқлигини қатъий таъкидлаган.
Маълум қилинишича, ҳозирда Афғонистонда таълим муассасалари пештоқларидаги ёзувларни ягона стандарт асосида тартибга солиш ишлари олиб борилмоқда. Унга кўра, аксарият ҳудудларда ёзувлар пушту, дарий ва инглиз тилларида берилади. Шу билан бирга, мамлакатнинг шимолий ҳудудларида, жумладан Саманган университетида пештоқ ёзувлари пушту, дарий ва ўзбек тилларида қолдирилади.
Шунингдек, Афғонистон ҳукумати Жоузжон давлат университетида жорий йилдан бошлаб магистратура босқичида «Ўзбек тили ва адабиёти» факультетини ташкил этишни режалаштираётгани қайд этилди.
ТИВ таъкидлашича, ўзбек тилининг халқаро майдондаги нуфузини ошириш ва уни кенг тарғиб этиш Ўзбекистон ташқи сиёсатининг устувор йўналишларидан бири бўлиб қолмоқда.
