Жиззахда овчи ов вақтида ўз шеригини ёввойи тўнғиз деб ўйлаб отиб қўйди. Ўқ овчининг бошига теккан. Жароҳатланган эркак зудлик билан шифохонага олиб борилган. Бироқ кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамай у вафот этган. Отган овчи ҳолат юз берганида атроф қоронғи бўлганини айтиб ўтган.
Ҳозирда ўз шеригини отиб қўйган овчи жиноий жазога тортилган. Суд ҳукмида келтирилишича, Самарқанд вилоятининг Иштихон туманида яшовчи 31 ёшли Ғ.А. 2025 йил 5 октябр куни 3 нафар дўсти билан ов қилиш мақсадида Жиззах вилоятининг Мирзачўл туманига борган. Улар туманнинг Гулзор маҳалласидаги дала майдонида ёввойи тўнғизни овламоқчи бўлган. Овчилар турли жойга, қамишлар орасига беркинишган.
Ғ.А. беркиниб ўтирганда шериги О.М. қамишлар орасидан унга яқинлашган. Дўстини ёввойи ҳайвон деб ўйлаган Ғ.А. эҳтиёцизлик оқибатида унга қарата ов қуролидан бир марта ўқ узган. Отилган ўқ О.М.нинг бош мия орқа қисми чап томонини жароҳатлаган.
Расман рўйхатдан ўтиб, 2 йилдан буён овчилик билан шуғулланиб келган Ғ.А. судда айбига иқрорлик билдирган ва шеригини билмасдан отиб қўйганини айтган. Воқеадан сўнг Ғ.А. шерикларини ёрдамга чақирган. Дўстлар биргалашиб яраланган О.М ни шифохонага олиб борган. Бироқ у кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамай, шифохонада вафот этган.
Судланувчи O.М ни қасддан отиб ўлдирмаганини, ўша вақтда атроф қоронғи бўлгани сабабли ҳеч нарса кўринмаганини, марҳум яқин дўсти бўлганини айтиб, суддан енгиллик сўраган.
Судланувчи А.Ғ.У. Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 102-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятни (эҳтиёцизлик орқасида одам ўлдириш) содир этганликда айбли деб топилди. Унга 1 йил муддатга ов қилиш ҳуқуқидан маҳрум қилиб, иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 1,5 йил ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.
