Президент Шавкат Мирзиёев фармони билан «Прокуратура органлари ходимлари куни» муносабати билан бир гуруҳ прокуратура тизими ходимлари давлат мукофотлари билан тақдирланди.
Фармонга кўра, прокуратура органларида кўп йиллик фидокорона меҳнати, мамлакатда қонунийлик ва ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлашга қўшган ҳиссаси, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ҳамда жамиятда ҳуқуқий маданиятни оширишдаги хизматлари учун бир қатор ходимлар мукофотланган.
Хусусан, «Меҳнат шуҳрати» ордени билан Ўзбекистон Республикаси прокуратураси фахрийларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш жамоатчилик маркази раиси Ботир Калонов тақдирланган.
«Мардлик» ордени Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти бошлиғининг биринчи ўринбосари Марат Юнусовга топширилган.
«Дўстлик» ордени билан мазкур департаментнинг Тошкент шаҳар бошқармаси катта инспектори Гулчехра Разакова мукофотланган.
«Жасорат» медали Жиззах вилояти прокуратураси бўлим бошлиғи Жамшид Зарипов ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси масъул ходими Муродбек Махмудовга берилган.
Шунингдек, «Содиқ хизматлари учун» медали билан Навоий ихтисослаштирилган прокурори ўринбосари Бахридин Ахмедов, Самарқанд вилояти Тойлоқ тумани прокурорининг катта ёрдамчиси Урал Рахимов ва Сурхондарё вилояти Қизириқ тумани прокурори Баходир Юнусов тақдирланган.
«Шуҳрат» медали эса Наманган вилояти прокуратураси бўлим бошлиғи Нигина Гаиббаева ҳамда Сирдарё вилояти прокурори ўринбосари Дилмурод Қобуловга топширилган.
