СССР ва Россия фойдасига жосуслик қилгани учун умрбод қамоқ жазосига ҳукм этилган АҚШ Марказий разведка бошқармаси (МРБ)нинг собиқ ходими Олдрич Эймс 5 январ куни АҚШдаги федерал қамоқхонада вафот этди. У 84 ёшда эди.
Эймс Мэриленд штатидаги Камберленд шаҳрида жойлашган қамоқхонада сақланаётган бўлган. Унинг ўлими ҳақида 7 январ куни хабар берилди, аммо ўлим сабаби расман очиқланмади. The Washington Post нашри уни “энг хавфли хоинлардан бири” деб атаган.
Маълумотларга кўра, Олдрич Эймс 1985–1994 йилларда аввал СССР, кейинчалик Россия разведкасига АҚШ ва иттифоқчи давлатларнинг махсус хизматлари билан ҳамкорлик қилган агентлар ҳақида махфий маълумотларни етказган. У юзлаб разведка операциялари сирларини ошкор қилгани айтилган.
АҚШ расмийларига кўра, Эймс етказган маълумотлар оқибатида камида ўн нафар агент фош этилган ва уларнинг аксарияти ҳалок бўлгани тахмин қилинади. Эймс ўз қилмиши одамлар ўлимига сабаб бўлганини тан олган.
У жосуслик фаолияти учун Москвадан 1 миллион доллардан ортиқ маблағ олган. 1994 йилда ҳибсга олинган Эймс муддатидан олдин озод қилиниш ҳуқуқисиз умрбод қамоқ жазосини ўтаётган эди.
