Тошкентда Onix юк автомашинасига урилиб кетди, бир киши ҳалок бўлди

Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида бир нафар фуқаро ҳалок бўлди.

Пойтахт Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси матбуот хизмати маълум қилишича, ҳодиса 8 январь куни тахминан соат 05:00 ларда Янги Ўзбекистон кўчасининг иккинчи даражали йўлида содир бўлган. 2004 йилда туғилган ҳайдовчи М.Р. Onix русумли автомашинани бошқариб кетаётиб, рул бошқарувини йўқотган ва йўл четида ҳаракатсиз тўхтаб турган ГАЗ-63 юк автомашинасига бориб урилган.

Оқибатда Onix автомашинасида бўлган йўловчи олган оғир тан жароҳатлари сабаб воқеа жойида вафот этган.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видео ва расмий суратларда тўқнашув натижасида ҳар иккала транспорт воситаси ёниб кетгани акс этган. Ҳайдовчиларнинг ҳолати ҳақида ҳозирча қўшимча маълумот берилмаган.

Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ Тергов бошқармаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми — транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш одам ўлимига сабаб бўлиши билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.