Афғонистоннинг Кунар провинциясида уруш йилларидан қолган портловчи қурилмаларнинг портлаши оқибатида камида икки нафар тинч аҳоли вакили ҳалок бўлди. Бу ҳақда Afghanistan International хабар берди.
Расмий маълумотларга кўра, 6 январь куни Нур Гул туманига қарашли Мазар Дара қишлоғида маҳаллий аҳолидан бирининг уйида сақланиб қолган қўлбола портловчи қурилма портлаб кетган. Ҳодиса оқибатида бир нафар бола ҳалок бўлган, яна олти киши турли даражадаги тан жароҳатлари олган.
Шу куни провинциянинг Асмар туманида ҳам шунга ўхшаш портлаш содир бўлган. Маҳаллий манбаларнинг хабар беришича, мазкур ҳодиса натижасида бир нафар аёл ҳаётдан кўз юмган, икки киши жароҳатланган. Жароҳатланганлар шифохонага етказилиб, уларга зарур тиббий ёрдам кўрсатилмоқда.
Маълумотларга кўра, Афғонистонда ўн йиллаб давом этган урушлар ортидан қолган миналар ва портловчи моддалар ҳозирга қадар аҳоли учун жиддий хавф солиб келмоқда. БМТнинг Болалар жамғармаси (UNICEF) маълумотларига кўра, мамлакатда ҳар ой ўртача 50 нафардан ортиқ киши портловчи қурилмалар қурбонига айланади, қурбонларнинг аксарияти болалардан иборат.
Маълумот ўрнида, аввалроқ Афғонистоннинг Тахор провинциясида олтин қазиб олиш билан боғлиқ низо оқибатида ҳам инсон қурбонлари қайд этилган эди.
