Ёқилғи бакига яширилган наркотиклар фош этилди

Фарғона вилояти Бешариқ туманидаги “Равот” чегара-божхона постида йирик миқдордаги гиёҳвандлик воситалари олиб киришга уриниш фош этилди.

Тожикистондан кириб келган “Ласетти” русумли автомашина Давлат хавфсизлик хизмати, божхона органлари ва чегара қўшинлари ходимлари томонидан текширилганда, транспорт воситасининг ёқилғи баки ичига яширилган наркотик моддалар аниқланди.

Хусусан, 10 кг 739 грамм гашиш, 412 грамм марихуана, 35 грамм опий ҳамда 6945 дона кучли таъсир қилувчи дори воситалари мусодара қилинди.

Ҳолат юзасидан автомашина ҳайдовчисига нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, у қамоққа олинди. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.