АҚШнинг Калифорния штатида яшовчи фуқаро 37 кун давомида уйининг ертўласига жойлашиб олган айиқдан қутула олмади. Бу ҳақда «The New York Post» нашри хабар берди.
Маълум қилинишича, вазни тахминан 250 килограмм бўлган ёввойи ҳайвон 30 ноябрь куни Кен Жонсон исмли уй эгасининг ертўласига кириб олган. Ҳолат юзасидан Ёввойи табиат ва балиқчилик департаментига мурожаат қилинган. Мутахассислар айиқни тутиш учун махсус тузоқ ўрнатишган, аммо ҳайвон унга илинмаган.
Шундан сўнг айиқни баланд товушлар ва мосламалар орқали қўрқитиб чиқариб юборишга ҳам уринишган, бироқ бу усул ҳам самара бермаган. Охир-оқибат департамент ходимлари вазиятни назорат қилиш имконияти йўқлигини маълум қилишган.
Шундан кейин уй эгаси айиқларни фавқулодда ҳолатларда тутиб чиқаришга ихтисослашган махсус гуруҳга мурожаат қилган. Мутахассислар ертўла ичига пейнтбол қуролидан ўқ узишган, шундан сўнг айиқ тез орада у ерни тарк этган.
Ёввойи ҳайвон қайта кириб келмаслиги учун Кен Жонсон ертўланинг кириш қисми олдига электрли тўшама (коврик) ўрнатган.
