Тожикистонга ноқонуний олиб чиқилаётган дори воситалари тўхтатиб қолинди


ДХХ Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари ҳамда Божхона органлари ходимлари томонидан Бекобод шаҳрида жойлашган “Фарҳод” чегара-божхона постида тезкор тадбир ўтказилди.


Тадбир давомида Тожикистон Республикасига чиқиб кетаётган, 1999 йилда туғилган маҳаллий фуқаро бошқарувидаги “Лочин” русумли мототранспорт воситаси белгиланган тартибда кўрикдан ўтказилди.


Натижада мототранспорт воситасининг тиркамасида озиқ-овқат маҳсулотлари орасига яшириб қўйилган, божхона декларациясида кўрсатилмаган, тахминий қиймати 1 миллиард 50 миллион сўмни ташкил этувчи “Иммуноглобулин”, “Ферритин” каби жами 21 номдаги дори воситалари аниқланди.


Мазкур дори воситалари процессуал тартибда расмийлаштириб олинди. Ҳозирда улар юзасидан экспертиза текшируви тайинланиб, ҳолат бўйича суриштирув ишлари олиб борилмоқда.