Ўзбекистонда 2025 йил январь—ноябрь ойларида 419 338 дона енгил автомобиль ишлаб чиқарилди. Бу ойига 38 121 донадан тўғри келади.
Ўзбекистонда келгуси беш йилда енгил автомобиллар ишлаб чиқариш ҳажми икки бараварда кўпроққа оширилади. Бу мақсад янги таҳрирдаги «Ўзбекистон-2030» стратегияси лойиҳасида белгиланган.
Стратегияда 2026 йилда республикада 460 минг дона, 2027 йилда 550 минг дона, 2028 йилда 700 мингта енгил автомобиль ишлаб чиқариш режалаштирилган. Мазкур рақамлар 2029 йилга бориб 800 мингтага, 2030 йилда эса қарийб 1 миллион донага етказилиши кўзда тутилган.
Ўзбекистонда 2025 йил январь—ноябрь ойларида 419 338 дона енгил автомобиль ишлаб чиқарилди. Бу ойига 38 121 донадан тўғри келади. Ҳозирча декабрь ойи кўрсаткичлари эълон қилинмаган. Аммо 11 ойлик рақамлар бутун 2024 йилдаги (399 327 дона) кўрсаткичдан ошган.
Ўтган йилнинг 11 ойида мамлакат автосаноатида UzAutoMotors улуши юқорилигича қолган бўлсада, компания деярли барча моделларни (Trackerʼдан ташқари) ишлаб чиқаришни камайтирган. Энг юқори ўсиш BYD ҳиссасига тўғри келиб, компания 2024 йил 11 ойида 2 198 дона автомобиль ишлаб чиқарган бўлса, 2025 йилда бу кўрсаткич 17 510 донага етган. Ишлаб чиқариш ҳажми бир йилда қарийб 8 бараварга ошган. Kia, Chery, Haval компаниялари ҳам ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтирган.
