15 январдан бошлаб Ўзбекистонда электрон рецептларга ўтишнинг биринчи босқичи жорий этилади. Энди антибиотиклар, синтетик антибактериал дорилар ҳамда тизимли таъсирга эга гормонал препаратлар дорихоналарда фақат электрон рецепт асосида берилади.
Маълум қилинишича, тизим дастлаб Тошкент шаҳри ва айрим ҳудудларда синов тариқасида жорий этилган. Тиббиёт муассасалари ва дорихоналар тўлиқ тайёр бўлмагани сабабли жараён босқичма-босқич амалга оширилмоқда. Кейинги босқичларда электрон рецепт билан бериладиган дорилар рўйхати яна кенгайтирилади.
Электрон рецептлар дориларни назоратсиз қабул қилишни камайтириш, даволаш жараёнини тартибга солиш ҳамда қалбаки дори воситалари айланишини қисқартиришга хизмат қилиши таъкидланмоқда.
Шунингдек, фавқулодда ҳолатларда шифокор имзоси ва муҳри билан тасдиқланган қоғоз рецептлардан вақтинча фойдаланишга рухсат берилади.
