Жиззахдаги ЙТҲда вояга етмаган қиз ҳалок бўлди

Жиззах шаҳрида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаси натижасида вояга етмаган қиз вафот этди. Бу ҳақда Жиззах вилояти Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси матбуот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, авария 2025 йил 7 декабрь куни Жиззах шаҳрида содир бўлган. Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоёзувларда икки нафар қиз пиёдалар ўтиш жойидан йўлни кесиб ўтаётгани ва ўша пайтда улардан бирини юқори тезликда келаётган енгил автомобил уриб юборгани акс этган.

Жабрланувчи оғир тан жароҳатлари билан шифохонага ётқизилган. Аммо, кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамай, у 2025 йил 20 декабрь куни шифохонада вафот этган.

Дастлабки маълумотларга кўра, йўл-транспорт ҳодисаси ҳайдовчининг йўл ҳаракати қоидаларини бузиши оқибатида юз берган. Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми — транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш, одам ўлимига сабаб бўлиш — билан жиноят иши қўзғатилган.

Ушбу модда санкциясига кўра, айбдор шахс етти йилгача озодликдан маҳрум этилиши ва транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиниши мумкин. Гумонланувчи қонунда белгиланган тартибда ушланган, ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.