Ҳиндистонда 103 ёшли аёл ўз дафнида “тирилди” — бу унинг туғилган кунида содир бўлди

103 ёшли Гангабаи ўз дафн маросимида “тирилди”. Бу воқеа унинг туғилган кунида рўй бергани ҳақида Hindustan нашри хабар бермоқда.

Маҳаллий аҳоли ва оила аъзолари Гангабаини вафот этган, деб ҳисоблаб, дафн маросимига тайёргарлик кўра бошлашган эди. Уйи олдига анъанавий шатёр ўрнатилиб, аёлни дафн сарполарига кийдиришган.

Маросимга унинг яқинлари ва кўплаб танишлари ташриф буюрган. Машина келиши кутилар экан, аёл кутилмаганда ҳаракатлана бошлаб, бироз ўтириб олган. Бу ҳолатни кўрган оила аъзолари ва маҳаллий аҳоли ҳайратга тушишган.

Гангабаи оиласи ушбу воқеани ҳақиқий мўъжиза, деб атади. Уларнинг сўзларига кўра, бу ҳолат аёлнинг узоқ умр кўргани ва соғлом ҳаёт кечирганининг рамзи сифатида қабул қилинган.

Натижада дафн маросими тўхтатилиб, тадбир унинг туғилган кунини нишонлашга айлантирилган. 103 ёшли Гангабаи учун бу воқеа нафақат ўзи, балки унинг оиласи ва маҳаллий аҳоли учун ҳам улуғ байрамга айланган.