2025 йили Ўзбекистонга ташриф буюрган хорижий сайёҳлар сони кескин ошиб, 11,5 миллион кишига етди. Туризм экспорти ҳажми эса 4,7 миллиард долларни ташкил этди. Бу кўрсаткичлар туризм соҳасининг мамлакат иқтисодиётидаги стратегик аҳамияти тобора ортиб бораётганини кўрсатмоқда, дейилади президент бошчилигида ўтказилган йиғилишда.
Маълум қилинишича, 2030 йилгача туристлар оқимини икки баравар ошириб, 20 миллионга етказиш режалаштирилган. Ушбу мақсадга эришиш учун элчилар Туризм қўмитаси билан ҳамкорликда янгича ёндашув ва ташаббуслар асосида ишлаши, энг йирик аутсорсинг компанияларни жалб этиши зарурлиги таъкидланган.
«Хусусан, Россия, Беларус, Жанубий Корея, Германия ва АҚШдаги элчилар олдига туризм оқимини ошириш бўйича аниқ вазифалар қўйилди», – дейилади хабарда.
Шунингдек, АҚШ, Буюк Британия, Индонезия, Россия, Франция ва Хитойдаги элчихоналарда туризм ва маданият маслаҳатчиси лавозимлари жорий этилиши маълум қилинган. Таъкидланишича, ушбу имкониятлардан самарали фойдаланиш орқали мазкур давлатлардан келадиган сайёҳлар оқимини 2–3 баравар ошириш талаб этилади.
Бундан ташқари, жорий йилдан АҚШ фуқаролари учун визасиз режим жорий этилгани қайд этилган. Шу асосда АҚШдаги 100 мингдан ортиқ ходимга эга йирик компаниялар билан фаол музокаралар олиб борилиб, 2025 йилда АҚШдан Ўзбекистонга келаётган туристлар сонини камида икки баравар ошириш вазифаси белгиланган.
