Бугунга қадар салкам 2,5 млн хонадон рўйхатга олинди

Мирзиёевга аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш ишларининг бориши ҳақида ахборот берилди.

Рўйхатга олиш 15 январдан 28 февралгача икки босқичда ўтказилмоқда: аввал фуқаролар онлайн тарзда, кейин эса “маҳалла еттилиги” ходимлари томонидан уйма-уй юриб амалга оширилади.

Жараён халқаро стандартлар асосида, замонавий рақамли тизимлар орқали ташкил этилган. Маълумотлар census.stat.uz портали ва OneID орқали йиғилиб, геоахборот тизимида мониторинг қилинмоқда. Бугунга қадар 2,48 миллион хонадон ҳамда 31 минг фермер хўжалиги рўйхатга олинган.

Давлат раҳбари рўйхатга олишни сифатли ўтказиш, маълумотлар ишончлилигини таъминлаш ва улардан бошқарув қарорларида самарали фойдаланиш муҳимлигини таъкидлади.