Эрондаги тартибсизликлар: 300 та масжидга зарар етди, қарийб 4 минг киши яраланди

Эронда давом этаётган оммавий тартибсизликлар оқибатида 3,7 минг нафардан ортиқ киши турли даражада тан жароҳати олган. Шунингдек, юзлаб муассасалар, жумладан масжидлар, мактаблар ва диний таълим муассасаларига зарар етган. Бу ҳақда Mehr агентлиги Эрон парламентининг Миллий хавфсизлик ва ташқи сиёсат қўмитаси раиси Эброҳим Азизийга таяниб хабар берди.

Маълум қилинишича, тартибсизликлар давомида 250 тадан ортиқ мактаб, 300 та масжид, 90 та диний ўқув юрти ҳамда ҳуқуқ-тартибот органларига тегишли 2221 та автомобиль шикастланган.

Эслатиб ўтамиз, Эрондаги намойишлар ўтган йил декабрь ойи охирида миллий валюта — риал курси кескин қадрсизланиши ортидан бошланган. Кейинчалик ушбу норозилик акциялари бир қатор йирик шаҳарларда оммавий тартибсизликлар ва талон-тарожларга айланган.

Тартибсизликлар давомида намойишчилар ва ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари орасида қурбонлар ҳам қайд этилган. Уларнинг аниқ сони расман маълум қилинмаган. Бироқ, ҳуқуқни ҳимоя қилувчи ташкилотлар маълумотларига кўра, ҳалок бўлганлар сони 2,6 минг нафардан ошган.