Шахсга доир маълумотларга сунъий интеллект ёрдамида ишлов берганлик учун жавобгарлик белгиланди

Cунъий интеллект технологияларидан фойдаланган ҳолда шахсга доир маълумотларга қонунга хилоф равишда ишлов бериш, уларни ОАВлар, телекоммуникация тармоқлари ёки Интернет жаҳон ахборот тармоғида тарқатиш жавобгарликка сабаб бўлади.

“Ахборотлаштириш тўғрисида”ги Қонунга киритилган ўзгартиришларга сунъий интеллект технологияларидан фойдаланишнинг умумий асосларини белгилаш, ушбу соҳадаги ваколатли давлат органининг ваколатларини аниқлаштириш ҳам киради.

Бундан ташқари, инсоннинг ҳуқуқи ва эркинлигига алоқадор бўлган юридик аҳамиятга эга қарорларни қабул қилишда фақат сунъий интеллектдан фойдаланиб яратилган технологиялар асосида ишлайдиган ахборот тизимлари хулосаларига таяниш мумкин эмас.

Юқоридаги ҳолатлар кузатилса маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этиш қуроллари мусодара қилиниб, БҲМнинг 50 бараваридан 100 бараваригача (41 млн 200 минг сўмгача) жарима солишга сабаб бўлиши белгиланди.