Путин Гренландиянинг эҳтимолий қийматини баҳолади

Россия президенти Владимир Путин Гренландияни гипотетик равишда сотиб олиш мумкин бўлган тақдирда, унинг қиймати 200 миллион доллардан 1 миллиард долларгача бўлиши мумкинлигини маълум қилди.

Унинг таъкидлашича, Гренландия майдони Аляска ҳудудидан тахминан 450 минг квадрат километрга катта.

«Агар АҚШ томонидан Алясканинг сотиб олиниш қиймати билан солиштирсак, Гренландия учун тўланадиган сумма тахминан 200–250 миллион доллар атрофида бўлар эди», — деди Владимир Путин (ТАССга таяниб).

Путиннинг сўзларига кўра, ўша даврдаги олтин нархларига қайта ҳисоблаганда, ушбу рақам 1 миллиард долларга яқин бўлар эди.

Шунингдек, у АҚШ бундай қийматни ҳам кўтара олишини қайд этди. Президент эслатиб ўтганидек, АҚШ 1867 йилда Аляскани Россия империясидан 7,2 миллион доллар олтин эвазига сотиб олган.

Маълумот учун, Гренландиянинг умумий майдони тахминан 2,17 миллион квадрат километрни ташкил этади. Ҳудуднинг қарийб 80 фоизи музлик қатлами билан қопланган. Солиштириш учун, Алясканинг майдони тахминан 1,72 миллион квадрат километрга тенг.