2025 йил якунларига кўра, Ўзбекистонда уй-жой олди-сотди битимлари сони 295 мингтага етиб, ўтган йилга нисбатан 15 фоиздан кўпроқ ўсди. Бу ҳақда Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази маълум қилди.
Пойтахт республикадаги барча уй-жой битимларининг қарийб 30 фоизини шакллантирди. Йил давомида Тошкентда 84 мингга яқин олди-сотди амалга оширилиб, савдо ҳажми 18,2 фоизга ошди.
Иккиламчи уй-жой бозорида нархлар барқарор сақланиб, бир квадрат метрнинг ўртача қиймати 0,6 фоизга ўсиб, 1100 доллардан юқори бўлди. Айрим туманларда, жумладан Мирзо Улуғбек ва Чилонзорда нархлар тахминан 5 фоизга пасайди.
Бирламчи уй-жой бозорида эса ўсиш анча тез бўлди — янги уй-жойлар нархи ўртача 9 фоиздан ортиққа кўтарилди. Энг катта ўсиш Миробод (18%), Яшнобод (14%) ва Мирзо Улуғбек (13,5%) туманларида қайд этилди.
Ижара бозорида ҳам барқарор ўсиш кузатилди. Энг юқори ижара нархлари Шайхонтоҳур, Миробод ва Яккасарой туманларида бўлиб, бир квадрат метр учун ўртача 11 доллардан шаклланди. Айрим туманларда ижара нархи йил давомида 11 фоизгача ошган.
