Эрондаги тартибсизликларда 3 мингдан ортиқ одам ҳалок бўлди — ТИВ

Эрон Ислом Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги раҳбари Аббос Аракчининг маълум қилишича, мамлакатда ўтган йил декабрь ойи охирида бошланиб, жорий йил январь ойи бошигача давом этган тартибсизликлар оқибатида 3 117 нафар инсон ҳалок бўлган.

«Қурбонлар сони — 3 117 нафар», — дея ёзди Аракчи ижтимоий тармоқларда.

Маълум қилинишича, ҳалок бўлганлар орасида нафақат тинч аҳоли, балки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари ва ҳарбий хизматчилар ҳам бор. Шунингдек, тартибсизликлар давомида банклар, турар жойлар ва масжидларга катта миқдорда моддий зарар етказилгани қайд этилган.

Тартибсизликлар Эрон риали курсининг кескин қадрсизланиши ортидан бошланган. Аввалига норозилик намойишлари шаклида ўтган чиқишлар кейинчалик йирик шаҳарларда оммавий погромлар ва куч ишлатиш билан кечган тўқнашувларга айланган. Айрим ҳудудларда намойишлар ҳукуматга қарши шиорлар билан ўтган.

Вазият кескинлашган пайтда мамлакатда интернет алоқаси тўлиқ ўчирилган. Қурбонлар ҳақидаги дастлабки маълумотлар ҳуқуқни ҳимоя қилувчи ташкилотлар томонидан эълон қилинган бўлса, кейинчалик бу рақамлар Эроннинг расмий ахборот агентликлари — IRNA, Fars, Tasnim ва бошқалар томонидан ҳам тасдиқланган.

Эрон олий раҳбари аятуллоҳ Али Хоманаий тартибсизликлар учун жавобгарликни АҚШ президенти Доналд Трамп зиммасига юклаган. Трамп эса, ўз навбатида, намойишчиларни қўллаб-қувватлаганини билдириб, агар куч ишлатиш буйруғи берилса, Эронга қарши ҳарбий зарба бериш билан таҳдид қилган.