Индонезияда кўчки содир бўлди. Оқибатда етти киши ҳалок бўлган, яна 82 нафар одам бедарак йўқолган. Фожиа мамлакатнинг Ғарбий Ява вилоятида рўй берган. Бу ҳақда Reuters агентлиги давлатнинг Табиий офатларни бошқариш миллий агентлигига таянилган ҳолда хабар қилди.
Кўчки маҳаллий вақт билан тунги соат иккилар атрофида Ғарбий Бандунг туманида юз берган. Қаттиқ ёмғирлар фонида тоғ ёнбағиридан кўчки тушиб, кичик аҳоли пунктини қоплаб олган. Бурангранг тоғи этакларидан оқиб тушган кучли сув ва юмшоқ тупроқ оқими тахминан 30 та уйни босиб қолган, аҳолининг аксарияти эса бу пайтда ухлаб ётган бўлган.
«Бедарак йўқолганлар сони жуда кўп. Биз қидирув-қутқарув ишларини имкони борича самарали ташкил этишга ҳаракат қиламиз», — деди журналистларга агентлик вакили Абдул Мухари.
Antara ахборот агентлиги маълум қилишича, маҳаллий полиция раҳбари Йогасвара кўчки кутилмаган сув тошқини билан бирга содир бўлганини айтган.
«Ҳодиса содир бўлган пайтда аҳоли қаттиқ гулдироқ овозини эшитган», — деди у.
Унинг сўзларига кўра, фавқулодда ҳолатга жавоб чораларида ҳарбийлар, ҳудудий табиий офатлар хизмати, кўнгиллилар ва маҳаллий аҳоли иштирок этмоқда.
Яна шундай фожиалар такрорланишидан хавотир олган ҳукумат кўчки хавфи юқори бўлган ҳудудлардан аҳолини эвакуация қилиш ҳақида қарор қабул қилди.
