Рақобат қўмитасининг Навоий вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан ҳудудда фаолият юритаётган меҳмонхоналарнинг электрон онлайн бронлаш тизимларида жойлаштирилаётган маълумотларнинг ҳаққонийлиги ўрганилди.
Текширувлар давомида айрим меҳмонхоналар томонидан истеъмолчиларни чалғитувчи маълумотлар тақдим этилаётгани аниқланди. Хусусан, Навоий шаҳрида фаолият юритаётган “UB MUSTERIOIS ASIA” МЧЖга қарашли меҳмонхона тегишли рухсат берувчи ҳужжатларга эга бўлмаган ҳолда, турли онлайн бронлаш платформалари орқали меҳмонхона хизматларини реклама қилган.
Қўмита маълум қилишича, мазкур ҳолат “Реклама тўғрисида”ги қонун талабларига зид ҳисобланади. Шу сабабли Рақобат қўмитаси Махсус комиссияси томонидан жамиятга нисбатан иш қўзғатилиб, ишни кўриб чиқиш якунларига кўра молиявий жарима қўллаш тўғрисида қарор қабул қилинган.
Шунингдек, аниқланган қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш ва келгусида бундай ҳолатлар такрорланмаслиги учун корхонага мажбурий кўрсатмалар берилган.
