Президент қарори билан корпоратив буюртмачилар учун тўғридан-тўғри харид қилиш тартиби бекор қилинганига қарамай, «Ўзметкомбинат» АЖ 2025 йил давомида 2,2 триллион сўмлик харидларни айнан шу усулда амалга оширган. Бу Замонавий журналистикани ривожлантириш маркази мутахассисларининг давлат харидлари портали маълумотлари асосида ўтказган таҳлилида қайд этилган.
Эслатиб ўтамиз, президентнинг 2021 йил 2 июлдаги PQ-5171-сон қарорига кўра, 2021 йил 5 июлдан бошлаб корпоратив буюртмачилар, жумладан «Ўзметкомбинат» учун ҳам тўғридан-тўғри харид қилиш амалиёти бекор қилинган эди. Шунга қарамасдан, корхона асосан металлар, кокс ва нефть маҳсулотлари, шунингдек кимёвий маҳсулотларни айнан шу тартибда харид қилган.
Таҳлилларга кўра, 2025 йилда «Ўзбекнефтгаз», «Навоийуран», Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва «Ўзбекистон темир йўллари» каби йирик ташкилотлар билан бир қаторда аниқланган қонунга зид тўғридан-тўғри харидларнинг умумий ҳажми 21,8 триллион сўмга етган.
Мутахассислар қайд этишича, тўғридан-тўғри давлат харидларининг улуши ортиб бормоқда ва 2024 йилда у деярли 60 фоизни ташкил этган. Шу муносабат билан президент 2025 йил март ойида тўғридан-тўғри харидлар ҳажмини камида икки бараварга қисқартириш бўйича топшириқ берган эди.
Қиёсий мисол сифатида Қозоғистон тажрибаси ҳам келтирилмоқда. У ерда 2017 йилда давлат харидларида тўғридан-тўғри шартномалар улуши 81 фоизни ташкил этган бўлса, 2024 йилга келиб бу кўрсаткич 23,5 фоизгача қисқартирилган. Бу жазо чораларини кучайтириш, шахсий жавобгарлик жорий этиш ва электрон назорат тизимларини такомиллаштириш ҳисобига амалга оширилган.
