Тошкентдаги “Шайх Зайниддин” жоме масжидининг собиқ имоми Одилхон қори Исмоилов (Юнусхон ўғли) ҳибсга олинди. Бу ҳақда Поп туман суди расмий маълумот берди.
Маълум қилинишича, у жуда кўп миқдорда маблағларни ўзлаштириш, сохта тадбиркорлик, солиқ тўлашдан бўйин товлаш ҳамда ҳужжатларни қалбакилаштиришда айбланмоқда. Одилхон қори аввалроқ БААга чиқиб кетган бўлиб, қидирув эълон қилинганидан сўнг қўлга олинган.
Айни пайтда у Наманган вилояти Поп тумани ИИБ ҳузуридаги вақтинча сақлаш ҳибсхонасида сақланмоқда.
Унга нисбатан Жиноят кодексининг қуйидаги моддалари билан айблов қўйилган:
- 167-модда – жуда кўп миқдорда ўзлаштириш ёки растрата
- 179-модда – сохта тадбиркорлик
- 184-модда – солиқ тўлашдан бўйин товлаш
- 209-модда – мансаб сохтакорлиги
- 227-228-моддалар – ҳужжатлар ва муҳрларни қалбакилаштириш
Ушбу иш доирасида яна бир неча шахслар — Т.А. Баротов, Ш.А. Хасанов, З.Ш. Қамчинбеков, Қ.Қ. Қурбонов ва А.К. Мухамедьяров ҳам айбланувчи сифатида иштирок этмоқда.
Мазкур жиноят иши бўйича суд мажлиси 2026 йил 28 январ кунига тайинланган. Ишни Поп туман суди кўриб чиқади.
