АҚШда кучли қор бўрони иқтисодий зарарни 100 миллиард доллардан ошириши мумкин

АҚШда миллионлаб одамларга таъсир кўрсатган кучли қор бўрони оқибатида умумий иқтисодий зарар ва йўқотишлар 105–115 миллиард доллар атрофида бўлиши кутилмоқда.

Дунё бўйлаб об-ҳаво прогнозлари билан шуғулланувчи AccuWeather компанияси АҚШда кузатилган «тарихий даражадаги» совуқ ва қор бўрони юзасидан махсус баёнот берди.

Баёнотда қайд этилишича, мамлакат бўйлаб 200 миллиондан ортиқ киши ушбу табиий офат таъсирида қолган. Айрим аэропортлар фаолияти тўхтатилган, минглаб авиақатновлар бекор қилинган ёки кейинги муддатга сурилган.

Қор бўрони тугаганидан кейин ҳам совуқлар сақланиб қолиши кутилмоқда. Электр узатиш тармоқларида муз ҳосил бўлиши сабабли 1 миллиондан ортиқ истеъмолчи электр таъминотисиз қолган.

Мутахассислар баҳосига кўра, миллионлаб одамлар учун иситиш харажатлари одатдагидан 20–35 фоизга юқори бўлиши мумкин. Нью-Йорк, Филадельфия, Питтсбург ва Балтимор шаҳарларида эса январь охиридан февраль охиригача иситишга бўлган талаб сўнгги 20 йиллик ўртача кўрсаткичдан анча юқори бўлиши прогноз қилинмоқда.

AccuWeather экспертлари дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, мамлакат бўйлаб йигирмадан ортиқ штатни қамраб олган ушбу қор бўрони оқибатидаги умумий иқтисодий йўқотишлар 105–115 миллиард долларга етиши мумкинлигини билдирган.

Баёнотда авиақатновлар бекор қилиниши, корхоналар ёпилиши ва таъминот занжирларида юзага келган узилишлар каби муаммоларга алоҳида урғу берилиб, бу қор бўрони Лос-Анжелес ҳудудида ўрмон ёнғинларидан кейин қайд этилган энг қимматга тушган экстремал об-ҳаво ҳодисаси бўлиши мумкинлиги таъкидланган.