Жанубий Корея экс-президентининг рафиқаси пора олгани учун 1 йилу 8 ойга озодликдан маҳрум этилди

28 январь, чоршанба куни Сеул марказий округ суди Жанубий Кореянинг собиқ биринчи хоними Ким Гон Хини пора олиш билан боғлиқ иш бўйича 1 йилу 8 ой қамоқ жазосига ҳукм қилди. Суд уни қўйилган учта айбловдан фақат биттаси бўйича айбдор деб топди.

Суд қарорига кўра, Ким Гон Хи «Бирлашиш черкови» вакилларидан ушбу диний ташкилот манфаатларига дахлдор масалаларда ёрдам бериш эвазига қимматбаҳо тақинчоқлар ва бошқа люкс буюмларни қабул қилган. Шу билан бирга, акциялар билан боғлиқ манипуляциялар ҳамда сиёсий фаолиятни ноқонуний молиялаштиришга доир энг баҳсли икки эпизод бўйича у оқланди.

Натижада суд ҳукми айблов томони талаб қилган 15 йиллик қамоқ жазосидан анча енгил чиқди. Шу билан бирга, Ким Гон Хи ва унинг турмуш ўртоғи — собиқ президент Юн Сок Ёль мамлакат тарихида илк бор реал қамоқ жазосини олган “собиқ биринчи жуфтлик” сифатида қайд этилди. Эслатиб ўтамиз, Юн Сок Ёль аввалроқ бир айблов бўйича 5 йил қамоққа ҳукм қилинган ва яна еттита иш бўйича қарорни кутмоқда. Суд жараёнлари жамоатчилик аҳамияти юқори бўлгани сабабли тўғридан-тўғри эфирда намойиш этилди.

Суд хулосасига кўра, 2022 йилда Ким Гон Хи воситачилар орқали «Бирлашиш черкови» вакилларидан умумий қиймати 80 миллион вон (жумладан, Graff брендига мансуб қимматбаҳо маржон) бўлган совғаларни олган. Суд таъкидлашича, бу совғалар шахсий муносабатлар доирасида эмас, балки аниқ илтимослар ва ёрдам кутилган ҳолда берилган.

Ҳукмнинг асословчи қисмида суд раиси У Ин Сон Ким Гон Хи «ўз жамоатчиликдаги мақомидан шахсий манфаат учун фойдаланганини» ва «юқори даражадаги қимматбаҳо тақинчоқларни қабул қилишдан воз кеча олмаганини» қайд этди. Айрим буюмлар мусодара қилиниши мумкин бўлмагани сабабли, суд ундан 12 миллион 815 минг вон (тахминан 8,5 минг доллар) ундириш, шунингдек, олдин мусодара қилинган тақинчоқлардан бирини давлат фойдасига олиш ҳақида қарор чиқарди.

Шу билан бирга, суд Deutsche Motors компанияси билан боғлиқ иш бўйича Ким Гон Хининг айбини исботловчи далиллар етарли эмас, деган хулосага келди. Тергов уни 2010–2012 йилларда акциялар билан манипуляция қилиш ва 810 миллион вон миқдорида ноқонуний даромад олишда айблаган эди. Суд, шунингдек, сиёсий фондлар тўғрисидаги қонун бузилгани ҳақидаги айбловни ҳам исботланмаган деб топди.

Бу ишда иштирок этган бошқа шахслар ҳам жазога тортилди. «Бирлашиш черкови» томонидан совғаларни етказиб беришда асосий воситачи бўлган, «шаман Кончжин» номи билан танилган Чон Сон Бэ ноқонуний воситачилик ва манфаат олишда айбдор деб топилди. Суд уни биринчи хонимга қимматбаҳо буюмлар етказиб беришни ташкил этган шахс сифатида эътироф этди.

Совғаларни тақдим этган «Бирлашиш черкови» вакиллари ҳам пора беришда айбдор деб топилиб, уларга қамоқ жазоси ва жарималар тайинланди. Жазо турлари ва миқдори кейинроқ эълон қилинади.

Сиёсий технолог Мён Тхэ Гюн эса Ким Гон Хи иши доирасида оқланди, аммо у бошқа тергов ишларида иштирок этишда давом этмоқда.

Умуман олганда, махсус прокурорлар гуруҳи кутган натижага эриша олмади. Айблов томони Ким Гон Хи учун 15 йил қамоқ, 2 миллиард вон жарима ва 950 миллион вонга яқин мол-мулкни мусодара қилишни талаб қилган эди. Суд эса фақат битта эпизод бўйича айбни тан олиб, ушбу қарор ҳам принципиал аҳамиятга эга эканини таъкидлади.

Бу Жанубий Корея сиёсий тарихида экс-президент ва унинг рафиқаси бир вақтнинг ўзида реал қамоқ жазосини олган илк ҳолат ҳисобланади.