Андижон вилоятининг Асака туманида 36 ёшли мактаб ўқитувчиси турмуш ўртоғи томонидан пичоқлаб ўлдирилди. Ҳолат юзасидан Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов Zamon.uz’га маълумот берди.
Қайд этилишича, 27 январь куни соат 15:30 ларда Асака туманидаги мактаб биносида шу мактабда ишловчи O.U. бирга ишловчи турмуш ўртоғи O.M. билан келиб чиққан оилавий келишмовчилик оқибатида ёнида олиб келган хўжалик пичоғи билан аёлига бир неча маротаба тан жароҳати етказиб, қасддан ўлдирган.
Шундан сўнг, O.U. Асака тумани Қўнғирот МФЙ Узун кўчасидаги яшаш хонадонига қайтиб келиб, ушбу хўжалик пичоғи билан ўзининг қорин соҳасига бир неча маротаба уриб, ўз жонига суиқасд қилган. Бу ҳолатни унинг акаси N.O. кўриб қолиб, шифохонага олиб борган ва кўрсатилган тиббий ёрдам натижасида унинг ҳаёти сақлаб қолинган.
Мазкур ҳолат юзасидан фуқарога нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 97-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
